Главная » 2012 » DEKABR » 20 » Ўзбекистоннинг биринчи уяли телефонлари намойиш этилди!
08:25
Ўзбекистоннинг биринчи уяли телефонлари намойиш этилди!
Янги маҳсулот 20 декабрдан сотувга чиқади ва ўхшаш аппаратлардан 30 % арзон бўлади. 2012 йил 17 декабрь куни пойтахтимиздаги "Dedeman Silk Road" меҳмонхонасида "Artel" савдо белгиси остида фаолият олиб бораётган компания уяли телефонларнинг дастлабки бешта модели тақдим этди ва шу тариқа мобил алоқа воситасини ишлаб чиқарувчи Ўзбекистоннинг биринчи корхонасига айланди. Қисқа муддат ичида турли хилдаги маиший техникаларни ишлаб чиқаришни бошлаган Artel компанияси ишлаб чиқараётган дастлабки мобил телефонлар серияси Aid5, Komi3 (иккита сим- картали) , U30 (иккита сим- картали) , H20 ва D83 моделларидан иборат. Телефон аппаратларининг ҳаммаси Android 4.0 ва 2.3.6 операцион тизимида ишлайди. Artel уяли алоқа телефонлари жаҳон андозаларига мувофиқ 4 дюймгача бўлган ўлчамдаги дисплей, MSM 8225, 1200 MGz ва MTK 6515MВ, 1000 MGz процессорлари, 4 Gb гача бўлган хотира карталари билан жиҳозланган. Шунингдек телефонларга диодли ёруғлик чақнаши, автофокус, макро тасвирга олиш режими, 8 каррали zoom ва чеҳраларни таниб олиш функцияларига эга 5MP гача бўлган фотокамералар ҳам ўрнатилган. Плеер MPEG4, H.264, H.263, VP6, VP8, Windows Media, Flash 10, 3GP, MP4, AVI каби оммабоп видео ва MP3, MIDI, AMR, WAV, AWB, WMA, AAC каби аудио форматларни кўради. Интернетга WAP, GPRS, EDGE, e-mail POP/ SMTP, HTML, email IMAP4 технологиялари орқали уланиш мумкин. Телефонларда Овозлар тўплами ва овоз билан бошқариш, USB, Wi-Fi ва Bluetooth мавжуд. Artel аппаратлари шарқона муҳитни ҳисобга олган ҳолда яратилган. Хусусан, тиллар, рингтонлар, обойлар ва мавзуларнинг стандарт тўпламидан ташқари, Artel телефонларига ўзбек ва рус тиллари, шарқ тароналаридан иборат рингтонлар, обойлар, мавзулар ва Ўзбекистонни эсга солувчи скринсейверлар ўрнатилган. Artel уяли алоқа телефонлари ўзининг импорт аналогларидан 30% га арзон бўлади. Шунингдек, компания бир йил давомида бутун республика бўйлаб бепул сервис хизматларини тақдим этади. 2012 йил охиригача компания 40 мингта телефон ишлаб чиқаради, 2013 йилда ишлаб чиқариш ҳажмини 500 минг аппаратга етказиш режалаштирилган. Кейинчалик эса уларнинг ҳажми йилига 2 млн.донани ташкил этади. Artel савдо белгиси бу билан чекланиб қолмоқчи эмас, тез орада планшетлар, коммуникаторлар ва USB- модемларни ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади. Artel уяли алоқа телефонларининг савдоси шу йилнинг 20 декабридан бошланади.